Валюталар курси

Сўровнома

Сайтимизда канака мавзулар ёритилиши керак деб биласиз?

Мурожаатларни қабул қилиш тартиби

Навоий вилояти ҳокимлигида фуқароларнинг

мурожаатларини кўриб чиқиш

Т А Р Т И Б И

I. Умумий қоидалар.

1. Вилоят ҳокимлигида фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва уларни қабул қилиш Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни талаблари ҳамда мазкур тартиб асосида амалга оширилади.

2. Мурожаатларда фуқаронинг фамилияси (исми, отасининг исми), яшаш жойи тўғрисидаги маьлумотлар кўрсатилган, ариза, таклиф ёки шикоятнинг моҳияти баён этилган бўлиши шарт.

Ёзма мурожаатларда мурожаат этувчи имзоси бўлиши лозим. Мурожаатга шахсий имзо қўйиш имкони бўлмаган тақдирда, бу мурожаатлар уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси, исми, отасининг исми ёзиб қўйилади.

Фуқаронинг фамилияси (исми, отасининг исми), яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёки у хақда сохта маълумотлар кўрсатилган, шунингдек имзо қўйилмаган ёзма мурожаатлар аноним деб ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.

3. Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда фуқароларнинг шахсий ҳаётига доир маълумотлар уларнинг розилигисиз, шунингдек давлат сири ёхуд қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ҳисобланган маълумотлар ва агар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини камситадиган бўлса, бошқа ахборотлар ошкор этлишига йўл қўйилмайди.

Мурожаатга таалуқли бўлмаган, фуқаронинг шахсига доир маълумотларни суриштириб билишга йўл қўйилмайди.

Фуқаронинг илтимосига биноан унинг шахсига доир бирон бир маълумот ошкор этилмаслиги керак.

II. Фуқароларнииг мурожаатларини рўйхатдан ўтказиш.

4 Вилоят ҳокимлигига келган фуқароларнинг ариза, шикоят ва таклифлари шу куннинг ўзида Ариза ва шикоятлар шўъбаси мудирига топширилади. Ариза ва шикоятлар шўъбаси мудири вилоят ҳокимлигига келган фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиб олади, мазмунига қараб вилоят ҳокими топшириғи лойиҳасини тайёрлайди ва шахсан вилоят ҳокими кўриб чиқиши учун тақдим этади. Вилоят ҳокими томонидан мурожаатни ўрганиш бўйича берилган топшириқ Ариза ва шикоятлар шўъбасида рўйхатдан ўтказилади ва бир кунлик муддатда тегишли ижрочиларга етказилади ҳамда бу тўғрисида мурожаат муаллифларига билдирилади.

5. Фуқароларнинг мурожаатларини рўйхатдан ўтказиш Ариза ва шикоятлар шўъбаси мудири томонидан амалга оширилади. Ариза ва шикоятлар шўъбаси мудири мурожаат бўйича қуйидаги маълумотларни компьютер дастурига киритади:

- мурожаатнинг тартиб рақами ва рўйхатга олинган вақти;

- мурожаат муаллифининг фамилияси, исми ва отасининг исми;

- муаллифнинг яшаш ёки иш жойи манзили;

- мурожаатнинг қисқача мазмуни;

- вилоят ҳокими томонидан мурожаатни кўриб чиқиш учун берилган кўрсатма;

-муржаатнинг ижро учун юборилган вақти;

-ижро муддати.

Мурожаат назоратдан чиқарилгандан сўнг ким ва қачон чиқарилганлиги тўғрисидаги маълумот компьютерга киритилади.

6. Мурожаат рўйхатдан ўтказилгандан сўнг Ариза ва шикоятлар шўъбаси томонидан дархол ижрочига етказилади. Ижрочи мурожаатни ва мурожаатни кўриб чиқиш бўйича кўрсатмани олганлиги тўғрисида фуқароларнинг мурожаатларини рўйхатга олиш варақасига имзосини ва олган санасини ёзиб қўяди.

7. Мурожаатни кўриб чиқиш бўйича бир неча масьул ходимларга топшириқлар берилган бўлса мурожаат ва у бўйича топшириқнииг асл нусхаси раҳбар резолюциясида биринчи ёзилган шахсга, нусхалари эса бошқа ижрочиларга етказилади.

Мурожаатни ўрганиш раҳбар топшириғида биринчи ёзилган масъул ходим томонидан ташкил этилади.

8. Юқори давлат бошқаруви органлари орқали вилоят ҳокимлигига келган фуқароларнинг мурожаатлари юқорида белгиланган тартиб асосида рўйхатга олинади.

III. Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш.

9. Фуқароларнинг таклифлари тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддат ичида кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно ва бу ҳақда таклиф киритган шахсга ўн кунлик муддат ичида маълум қилинади.

Ариза ёки шикоятлар вилоят ҳокимлигига тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддат ичида, қўшимча ўрганишни ва текширишни талаб этмайдиган ариза ёки шикоятлар эса ўн беш кундан кечиктирмай кўриб чиқилади.

Ариза ёки шикоятни кўриб чиқиш учун текшириш, қўшимча материаллар талаб қилиб олиш ёки бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, ариза ёки шикоятни кўриб чиқиш муддати вилоят ҳокими томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин ва бу ҳақда ариза ёки шикоят берган шахсга маълум қилинади.

10. Фуқароларнинг мурожаатларида қўйилган масалалар вилоят ҳокимлигининг ваколатига кирмайдиган бўлса, узоғи билан беш кунлик муддат ичида тегишли органларга жўнатилади ва бу ҳақда фуқарога хабар қилинади.

Мурожаатларни кўриб чиқиши учун бошқа давлат органларига асоссиз равишда бериш ёки қарори ёхуд ҳаракати устидан шикоят қилинаётган давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ўзига жўнатиш ман этилади. Агар фуқароларнинг мурожаатларида уларни тегишли органларга жўнатиш учун зарур маълумотлар бўлмаса, бу мурожаатлар худди шу муддат мобайнида асослантирилган тушунтириш билан фуқаронинг ўзига қайтарилади.

Агар ариза, таклиф ёки шикоятда баён қилинган масалалар ҳал этилаётганда хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини текшириш зарурияти юзага келса, 6у иш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

11. Фуқароларнинг назоратдаги мурожаатларини ўрганиш якунлари бўйича тегишли ижрочи томонидан вилоят ҳокими номига ахборот тайёрланади. Ахборот вилоят ҳокими томонидан кўриб чиқилиб, ёзма розилик билдирилгандан сўнг мурожаат муаллифига жавоб хати юборилади ва мурожаат назоратдан чиқарилади. Мурожаат муаллифига жавоб хати ушбу мурожаатни кўриб чиққан вилоят ҳокими ўринбосари ёки аппаратнинг тегишли бўлинмалари раҳбарлари имзоси билан юборилади.

12. Ариза, шикоят ва таклифлар бир неча бўлимлар ва ваколатли масъул ходимларга ижро учун юборилган ҳолатда, улар бўйича умумлаштириш ишларини раҳбар резолюциясида биринчи кўрсатилган масьул ходим амалга оширади.

13. Вилоят ҳокимлигига келган шикоятларни кўриб чиқиш учун вилоят ҳокимининг фармойиши билан ишчи гуруҳларини тузиш ҳамда гуруҳ таркибига вилоят ҳокимлиги аппаратининг масъул ходимлари, тегишли соҳа мутахассислари, жамоат ташкилотлари вакиллари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари ва вилоятдан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари киритилиши мумкин.

14. Вилоят ҳокимлигига келган мурожаатлар қоида тариқасида вилоят ҳокимлиги аппаратининг масъул ходимлари иштирокида кўриб чиқилади.

15. Бир хил мазмундаги такрорий мурожаатлар Ариза ва шикоятлар шўъбаси томонидан алоҳида назоратга олинади. Бундай тартибдаги мурожаатларни кўриб чиқишда дастлабки мурожаатлар кўриб чиқилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар уларга қўшиб қўйилади. Мурожаатни бундан олдин кўриб чиққан раҳбар масалага тааллуқли мутахассис ходимлардан иборат ишчи гуруҳи тузиб, шахсан жойига чиқиб муаллиф иштирокида мурожаатда кўтарилган масалаларни атрофлича ўрганилишини ташкил этади, масала ечимини охирига етказиб, фуқарога тегишли тушунтиришлар, ҳуқуқий тавсиялар беради ва амалга оширилган ишлар бўйича вилоят ҳокимига ахборот киритади. Такрорий мурожаатга аввалги мурожаатнинг тартиб рақами қўйилади ва илгари мазкур ариза юзасидан асосли тушунтиришлар берилган бўлса, раҳбариятнинг рухсати билан мурожаат кўриб чиқилмаслиги мумкин ва бу ҳақда ариза муаллифига билдирилади.

16. Юқори давлат бошқаруви органлари орқали келган фуқароларнинг мурожаатлари юқорида белгиланган тартибда кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш натижалари ва қабул қилинган қарор тўғрисида мурожаатни юборган органга ва фуқарога жавоб хати юборилади.

17. Ариза ёки шикоят юзасидан қабул қилинган қарордан фуқаро рози бўлмаса, унга қабул қилинган қарор устидан шикоят бериш тартиби тушун-тирилиши шарт.

Фуқаронинг мурожаатини кўриб чиққан мансабдор шахс мурожаатни кўриб чиқиш натижалари юзасидан қабул қилинган қарор ижросини назорат қилиши, агар фуқарога унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилиши натижасида моддий зарар ёки маънавий зиён етказилган бўлса, қонунда белгиланган тартибда зарарнинг ўрнини қоплаш ёки маънавий зиённи компенсация қилишга доир чора-тадбирлар кўриши ҳам шарт.

18. Кўриб чиқиш ишлари тугалланган аризаларнинг ижрочида сақланиши таъқиқланади. Бўлим, гуруҳ ва котибият раҳбари томонидан аризани назоратдан чиқариш учун маълумотлар ариза ва шикоятлар шўъбасига топширилади. Барча ҳужжатлар ариза ва шикоятлар шўъбаси жорий архивида 2 йил сақланади, уларнинг муддати ўтгач аризалар эксперт-текширув комиссияси қарори билан йўқ қилинади. Йўқ қилиш тўғрисидаги далолатномаларда аризаларнинг тартиб рақамлари, йиллар ва улар тўғрисидаги бошқа маълумотлар кўрсатилади.

19. Фуқароларни вилоят ҳокимлигида қабул қилиш вилоят ҳокимининг қарори асосида амалга оширилади.

IV. Мурожаатлар билан ишлаш якунларини чиқариш.

20. Ариза ва шикоятлар шўъбаси мудири ҳар куннинг охирида фуқароларнинг мурожаатларини рўйхатдан ўтказиш ва улар билан олиб борилган ишларни ташкил қилади, қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик чораларини кўради.

21. Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек жамият ва давлат манфаатлари бузилишини юзага келтирувчи сабабларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида аризалар, таклифлар ва шикоятлар белгиланган тартибда ариза ва шикоятлар шўъбаси мудири томонидан ҳар ой якунлари бўйича умумлаштирилади ва таҳлилий маълумотлар тайёрланади. Маълумотларда шаҳар ва туманлар бўйича мурожаатларнинг тушиши ва уларнинг кўпайиш сабаблари, мурожаатларнинг мазмуни, соҳалар ва йўналишлар бўйича тақсимоти, юқори органлар орқали юборилган мурожаатлар бўйича алоҳида таҳлил этилади.

            22. Тайёрланган таҳлилий маълумотлар ҳар ойда шахсан вилоят ҳокими раҳбарлигида ўтказиладиган вилоят ҳокимлик соати ва вилоят ҳокимлиги аппарати йиғилишларида муҳокама этилади ва навбатдаги вазифаларни белгиланади. Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг ҳолати халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияси ва доимий комиссиялари мажлисларида ҳам муҳокама этилиши мумкин.